Untitled Document

Суҳбат... Аврат ва мўминалар ҳижоби

Кишининг ўзгага кўрсатиши ва ўзгаларнинг ҳам қараши ҳаром бўлган бадан аъзоларига - аврат жойи дейилади.

Эркакларда аврат киндикдан тизза кўзининг пастигача. Яъни тизза ҳам аврат ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабида мана шу қисмлар очиқ ҳолда ўқилган намоз қабул бўлмайди. Намозда баданнинг бошқа қисмларини ҳам беркитиш, масалан: қўлларни, бошни ёпиш ва пайпоқ кийиб намоз ўқиш ҳанафийда эркакларга суннат. Бу аъзоларни ҳеч қандай заруратсиз очган ҳолда намоз ўқиш макруҳ бўлади.

Хотин-қизларнинг юз ва кафтларидан бошқа бутун аъзолари, қўлларининг ташқи қисми, сочлари, оёқлари тўрт мазҳабда ҳам аврат ҳисобланади. Аёлларга юз ва кафтдан бошқа бутун узвларини ёпишлари фарз. Аврат аъзоларидан бирининг тўртдан бир қисми, намознинг бир рукни давомида очиқ қолса, намоз бузилади. Агар ундан кам муддат очиқ қолса, макруҳ бўлади, намоз бузилмайди. Либос ёки рўмол юпқа бўлиб ичидаги аъзонинг шакли билинадиган ёхуд либос шаффоф бўлиб тананинг ранги кўринадиган бўлса, динимизда бундай либоснинг ҳукми кийимсиз, яъни яланғоч бўлиб ҳисобланади.

Аёллар ёлғиз пайтларида, намоз ташқарисида ҳам киндик билан тизза оралиғини ёпишлари фарз. Орқани, белни ва қоринни ёпиш эса, вожиб; бошқа узвларнинг ёпилиши эса одобдир.

Расулуллоҳ «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» бундай деганлар:

«Аврат жойларингизни зинҳор очманг! Чунки ёнингиздан асло кетмайдиган фаришталар бор. Улардан ҳаё қилинг ва ҳурмат кўрсатинг.» [Улар ҳафаза ва елкадаги малаклардир.]

«Аврат жойини очадиган ва бошқалар авратига қарайдиганларга Аллоҳу таолонинг лаънати бўлсин.»