Untitled Document

Манқиба... Аллоҳга яна ишинг тушса...

Ғазнавий давлатининг буюк ҳукмдори Султон Маҳмуд Собуктакин Ғазнавий ислом динини ёйиш мақсадида Ҳиндистонга ўн саккиз маротаба юриш уюштирган. У ана шу юришларидан бирида жуда ҳам қаттиқ қаршиликка учрайди ва ғалаба қозониши амри маҳол бўлиб қолади. Худди ана шу қийин вазиятда Аллоҳга ёлвориб: «Эй Раббим, агар ушбу жангда ғолиб бўлсам, қўлга киритган ўлжаларнинг барчасини фақирларга тарқатаман» деб назр қилади.

Не бахтки, Султон Маҳмуд ушбу жангда ғолиб бўлади ва кутилганидан кўп ғанимат қўлга киритади. Ғазнага қайтгач ўлжани йўқсил ва муҳтожларга тарқатишга киришади. Бироқ бу ҳол баъзи вазир ва амирларга ёқмайди. Улар ўртага тушиб «Эй улуғ султон, нималар қиляпсиз, ахир шунча хазина, олтинлар, инжулар, дуру жавоҳирларни фақирларга тарқатиб бўларканми? Улар ҳатто буларнинг қийматини ҳам билмайди. Қолаверса, салтанат хазинасининг ҳам бу бойликларга эҳтиёжи йўқ эмас», дейишади. Султон мулозимларига бу ишни Аллоҳга берган ваъдаси учун қилаётганини айтади. Лекин амирлар эътироз билдиришади ва «Ундай бўлса, қимматбаҳо буюмларни олиб қолиб, қолганларини тарқатинг», деб султоннинг бошини айлантириб ташлашади.

Ғазнада яшайдиган олимга мурожаат қилган Султон унга ҳолатни тушунтириб, маслаҳат сўрайди. Олим «Султоним, бу ерда сизни иккиланишга мажбур қиладиган ҳеч нарса йўқ ҳаммаси оддий ва аниқ намоён бўлиб турибди. Агар Аллоҳга бошқа ишим тушмайди десангиз дарҳол одамларингиз айтганини қилинг, бойликларни хазинага қўйинг. Аммо Аллоҳга яна ишингиз тушадиган бўлса, берган ваъдангизни бажаринг-да, қўлга киритганларингизни халқингизга тарқатинг», дейди.