Untitled Document

Суҳбат... Қўрқув ва умид

● Муборак зотлардан бири бундай деган:

“Бизнинг йўлимизнинг учта асоси бор; 1- Халқдан ҳеч нарса таъма қилмаслик, 2- Зиммамизда ҳаққи борларнинг ҳақларини ўташ, 3- Ўзимизни ҳеч кимдан юқори кўрмаслик.

● Мусо алайҳиссалом Тур тоғида Аллоҳу таолодан сўради:

- Ё Раббий! Қайси бандангни кўпроқ севасан?

Аллоҳу таоло марҳамат қилди:

- Мени кўп эслаган бандамни.

- Ё Раббий! Энг ҳалим (юмшоқ) банданг ким?

- Жаҳли чиққанда нафсига ғолиб бўла олган бандам.

- Ё Раббий! Энг сабрли банданг ким?

- Ғазабини энг тез енга олган бандам.

● Луқмони Ҳаким ўғлига шундай насиҳат қилди:

- Ўғлим! Аллоҳу таолодан шундай қўрқ-ки, бу қўрқув сен билан умидинг орасига кирсин, сенинг умидингни бутунлай узсин! Лекин Аллоҳу таолодан шундай умид қилки, сен билан қўрқувнинг орасига кириб, қўрқувдан асар қолдирмасин!

Ўғли сўради:

- Отажон, менда биттагина қалб бор. Уни қўрқув билан тўлдирсам, умидимга моне бўлади. Умид билан тўлдирсам, қўрқувга ўрин қолмайди.

- Эй ўғлим! Мўминнинг қалби худди икки қалбга ўхшайди. Бири Аллоҳу таолонинг раҳматини умид қилади, иккинчиси Аллоҳу таолонинг азобидан қўрқади.

● Мўминнинг қўрқуви билан умиди тарозида тортиладиган бўлса, икки томон тенг бўлиши керак. Чунки мўмин фақат умидга берилиб, азобдан амин бўлмайди ёки фақат даҳшатга тушиб Аллоҳу таолонинг раҳматидан умидини узмайди.