Кун тарихи... Шайх Шомилнинг вафоти
Оз сонли аскарлари билан Рус қўшинига қарши 35 йил жанг қилиб ватанини ҳимоя қилган Кавказ халқининг миллий қахрамони Шайх Шомил 1797 йили 17 февралда Доғистонда туғилган. Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг шогирди.
Унинг бўйи 2 метрдан узун, кенг елкали, йирик жуссали, тўғри ва мустаҳкам эътиқодли, дин илмларини ва жанг қилиш санъатининг барча тактикаларини жуда яхши биларди. Ўта жасур ва эпчил одам эди.
Кавказдаги Гимри жангида, рус найзаси кўкрагига санчилганди, “Кавказ бургути” Шайх Шомил совуққонлик билан орқасидан бир учи кўриниб турган найзани суғуриб отди. Бу, Шайх Шомилни ярадор арслон ҳолига келтирганди. Бир неча кун ғорда шифобахш ўтлардан тайёрланган дорилар билан даволашди. Кейин уни қишлоққа олиб келишди. Муолажа тўхтовсиз давом этди. 25 кун деганда комадан чиқди. Кўзларини очганида ёнида ўтирган онасини кўриб: “Она, намозимнинг вақти ўтиб кетдими?” деб сўради.
Бутун умри русларга қарши жангларда ўтди. Охирида руслар уни ҳийла-найранглар билан қўлга тушириб, асир олди. 10 йил асоратда қолди. Кейинроқ, ҳажга боришига рухсат берилди. Ҳаж сафарида Истанбулга келганида бу қаҳрамонни кўриш учун чиққан одамлар кўплигидан кўчалар тўлиб кетди.
Ҳажга борди. Мадина узоқдан кўринганида ерга тиз чўкди, кўз ёшларини тўкиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига эмаклаб боргач, “Ассалоту вассалому алайка ё Расулаллоҳ! Ассалоту вассалому алайка ё Ҳабибаллоҳ! Ассалоту вассалому алайка ё Саййидал аввалина вал охирин!” деди. Жаноби пайғамбаримиз саломига алик олдилар. У ердагилар бу аликни эшитишди. Мадинаи мунавварага жойлашиб, 1871 йили 17 февралда шу ерда вафот этди.