Куннинг тарихи... Қосим хон
1511-1521 йиллар орасида қозоқ хонлигини бошқарган Қосим хон, чингизийлар авлодидан бўлиб, ўзбек хони Шайбоний хоннинг қариндоши эди.
Шажарашунос Абулғозий Баҳодирнинг айтишича, Қосим хон Жўчи хоннинг ўн учинчи ўғли Така-Темурнинг наслидан бўлиб, қозоқ хонлигини қурган Абу Саиднинг (лақаби Жонибек хон) ўғлидир. Онаси Жаҳон бегим, Шайбоний хоннинг укаси Маҳмуд султоннинг туғишган холаси эди.
Қосим хон ҳумронлиги йилларида қозоқ хонлиги энг ривожланган даврини бошдан кечирди. Фақат кўчманчилар билан узоққа боролмаслигини тушунган Қосим хон давлатини мустаҳкамлаш учун Сирдарё бўйидаги муҳим шаҳарларни олишни кўзлайди. Бу борада ўз қариндоши Шайбоний хон билан талашиб, унга қарши бир неча марта жангга ҳам киради. Ниҳоят Шайбоний хоннинг бошқа бир жангда ҳалок бўлиши оқибатида Мовароуннаҳрга шиа-қизилбошлар бостириб келаётган пайтдан фойдаланиб, Сирдарё бўйидаги муҳим марказлардан Туркистон ва Сайрамни эгаллайди. Қосим хон даврида тарихдаги энг кенг ҳудудларига эришган қозоқ хонлигида аҳоли сони бир миллионга, лашкар сони учюз мингга етади.
Тижорат йўлидаги шаҳарларни ҳам ҳокимиятига киритгач энди то Бухорогача босиб келган шиа Сафавийларига қарши яна Шайбонийлар билан иттифоқ қуради. Ҳатто бир ўғли - Абулхайр хон шу жангларда ҳалок бўлади. Мовароуннаҳрни шиа қизилбошлари истиллосидан қутқарган Самарқанд тахтидаги Шайбоний хоннинг жиянига қизини беради.
Хонлиги ичида қавмиятчилик, уруғ-аймоқчилик ва итоатсизлик ёйилганини кўриб, янги қонун чиқаради. Бу қонун “Қосим хоннинг оқ йўли” деган ном билан машҳур бўлган.
Қосим хон 1521 йили пойтахти Саройчиқда вафот этгач, давлати талон-тарожга тушиб, узоқ йиллар ўзига келолмайди.